🔴 🟦🟦🟦
❗️Вазира: “Шифокорликдан бошқа касбни танлашим мумкин эмасди!”
✅ Бу йил Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланганлар орасида Бухоро давлат тиббиёт институти магистранти Вазира Файзуллаева ҳам бор.
🩺У болалар невропатологи бўлиб ишлаган бувисининг тарбиясини олган.
— Болалигимда бувим ўзлари ишлайдиган шифохонага мени олиб борганларида, ишларини кузатиб туришни ёқтирардим. Нафақага чиққанларида ҳам оналар фарзандларини уйимизга олиб келишарди. Кўзлари тўла умид билан келган бу инсонлар, миннатдорлик ҳисси билан уйимиздан чиқиб кетаётганини кўриб, бувимнинг касби нақадар эъзозли эканини англаганман. Шифокорликдан бошқа касбни танлашим мумкин эмасди! — деди биз билан суҳбатда Вазира.
📖 Қизнинг ота-онаси унинг таълим олиши, ривожланиши учун бор имкониятларини аямаган. Бугун эса ана шу фидойиликнинг самарасини кўриб қувонишмоқда.
🔎 У аввал бакалавриат босқичида педиатрия йўналишини тамомлади. Сўнг магистратура босқичида оториноларингология мутахассислигини танлади. Ибн Сино номидаги ҳамда Президент давлат стипендиялари совриндори бўлган бу қизнинг фаоллигига ҳавас қилса арзийди.
📝 2025 йилда Вазиранинг “Аллергик ринитнинг жигарнинг сурункали диффуз касалликлари билан кечганда даволаш тактикаси” мавзуида монографияси, бир нечта ўқув-услубий қўлланмалари чоп этилди.
🤱 Жорий йилда эса “Соғлом миттивой” номли мобил иловаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан патентланди. Илова орқали оналар 6 ойлик фарзандларини қўшимча озиқлантириш бўйича маслаҳатлар олишади. Қайси маҳсулотларни, қандай миқдорда, қачон бериш мумкин — буларнинг барчасини илова орқали билиш мумкин.
🖥 Шунингдек, у “Сурункали пиелонефрит билан касалланган болаларда ўткир отитни оториноларингологик ҳолатини баҳолаш” дастурий таъминоти учун ҳам патентга эга бўлди.
🌐 Бундан ташқари, Вазира АҚШ, Россия, Германия, Словения, Қозоғистонда ўтказилган халқаро анжуманларда ўз маъруза ва мақолалари билан иштирок этган. Унинг бир қанча илмий мақолалари юртимиз илмий журналларида, шунингдек, “Scopus” илмий-техник маълумотлар базасига индексланган, халқаро илмий-электрон журналда чоп этилган.
📌 У “Самарқанд – 2020” халқаро талабалар олимпиадаси, “Абу Али ибн Сино таълимотидан III Ренессансгача” III халқаро талабалар олимпиадаси, “Энг яхши илмий-тадқиқот иши”, “Етакчилар ҳафталиги – 2023” каби халқаро даражадаги танловлар совриндори ҳам бўлган.
🟡 Вазиранинг шиори: “Ҳаётда мақсадларга эришиш учун ҳеч нарса тўсиқ бўла олмайди”. У буни ўз амалиётида ҳам исботлади. Фарзандли бўлган кезларида турмуш ташвишлари ва бола парвариши билан биргаликда мустақил равишда инглиз тилини ўзлаштириб, имтиҳон топширди ва ўзи истаган натижа — IELTSда C1 даражасини (7.0 балл) олишга эришди. Бу равон мулоқот қилиш, мураккаб матнларни тушуниш ҳамда тилни профессионал ва академик жиҳатдан минимал хатолар билан ишлатиш қобилиятини англатади.
📊 У ўсмирлар орасида эрта турмуш қуришга олиб келувчи ижтимоий, психологик ва маданий омилларни чуқур ўрганиш, муаммонинг илдизини аниқлаш ва профилактика учун илмий асос яратишга киришган. Бухоро вилоятининг 3 та ҳудуди: Вобкент, Пешку туманлари ва Бухоро шаҳридаги 14-18 ёшдаги йигит-қизлар ўртасида сўровнома ўтказди.
📎 Йиғилган маълумотларни таҳлил қилгач, ёшлар учун 10 та модулдан иборат замонавий тренинг дастурини ишлаб чиқди. Ҳозирда уни таълим тизимига интеграция қилиш бўйича тавсиянома тайёрламоқда. Шунингдек, бу изланишлар асосида “Эрта никоҳсиз келажак” мобил иловаси ҳам яратилади.
👩⚕️ Вазиранинг орзулари, ҳаётдаги мақсадларидан илҳомланган синглиси Камола ҳам унинг йўлидан бориб, ҳозирда Бухоро давлат тиббиёт институтида таҳсил олмоқда.
🔼Асосийси, оддий оилада вояга етган қиз тиришқоқлиги сабабли юксак натижаларга эришиб, тенгдошлари учун намуна бўлиб келмоқда. Биз эса унга келгусидаги изланишларида омад тилаб қоламиз!
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
😎
https://instagram.com/ssvuzrasmiy?igshid=YmMyMTA2M2Y=