Ассалому алайкум. Ҳурматли юртдошлар!
Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг иккинчи — анъанавий босқичи якунланишига саноқли кунлар қолди. Айни кунларда рўйхатга олувчилар томонидан хонадонма-хонадон юриб маълумот тўплаш ишлари белгиланган режа асосида давом этмоқда.
Рўйхатга олишнинг биринчи — онлайн босқичида юртдошларимиз жуда катта фаоллик билан иштирок этдилар. Ҳатто ривожланган давлатлар билан таққослаганда ҳам қисқа муддатда онлайн рўйхатдан ўтиш даражаси анча юқори бўлди. Бу эса фуқароларимизнинг масъулияти ва умуммиллий жараёнларга бефарқ эмаслигини яққол намоён этди.
Шу муносабат билан, ҳали рўйхатга олиш жараёнларида иштирок этмаган фуқаролардан мазкур умуммиллий тадбирда фаол қатнашишларини сўраймиз. Маҳаллангизга бириктирилган маҳалла еттилиги вакилларига мурожаат қилиб, ўзингиз ва оила аъзоларингиз ҳақидаги маълумотларни тўғри ҳамда тўлиқ тақдим этишингиз муҳим аҳамиятга эга.
Мазкур жараёнда жамланган маълумотлар, энг аввало, аҳолининг яшаш шароити ва эҳтиёжларини аниқ баҳолашга хизмат қилади. Айнан шу маълумотлар асосида мактаб, боғча ва тиббиёт муассасаларига бўлган эҳтиёж, инфратузилмани ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш бўйича давлат дастурлари ишлаб чиқилади. Ҳар бир фуқаронинг иштироки, ҳар бир қарич ер ҳақидаги аниқ маълумотлар келгуси фаровонлигимиз учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, рўйхатга олиш жараёнида тақдим этилган барча маълумотлар фақат статистик мақсадларда қўлланилади ва уларнинг махфийлиги қонун доирасида кафолатланади.
Жараёнда юзага келаётган айрим саволларга тушунтириш ва изоҳлар бериб борилмоқда.
Савол: Менинг икки та ҳовлим бор. Рўйхатдан ўтиш жараёнида биринчи босқичда фақат биттасини киритиб, сертификат олганман. Ҳозир маҳалла вакиллари хонадонимга келиб, рўйхатга олинмаган иккинчи ҳовлимни ҳам киритишимни сўрашмоқда. Бу нима учун муҳим?
Жавоб: Сизнинг саволингиз жуда ўринли. Рўйхатга олиш жараёнида ҳар бир турар жой объекти алоҳида ҳисобга олинади. Агар сиз биринчи босқичда фақат битта ҳовлингизни киритган бўлсангиз, иккинчи ҳовлингиз расмий статистик ҳисобда акс этмай қолади. Шунинг учун маҳалла вакиллари уни ҳам рўйхатга киритишни сўрашмоқда.
Бу нима учун муҳим?
Аввало, рўйхатга олиш натижалари асосида ҳудуддаги уй-жой фонди, аҳоли зичлиги ва инфратузилмага бўлган эҳтиёж ҳисобланади. Агар иккинчи ҳовлингиз рўйхатга киритилмаса:
электр энергияси таъминоти, ичимлик суви, канализация тармоқлари, чиқиндиларни олиб кетиш хизмати, интернет ва алоқа тармоқлари каби инфратузилма объектларини режалаштиришда у ҳисобга олинмайди.
Бу эса икки хил муаммога олиб келиши мумкин: Сизнинг рўйхатдан ўтмаган ҳовлингиз келгусида ресурслар тақсимотида “режадан ташқари” қолиши мумкин. Ёки аксинча, ҳудудда аниқ ҳисоб-китоб бўлмагани сабабли тармоқларга ортиқча босим юзага келади.
Бундан ташқари, уй-жой фонди тўғрисидаги маълумотлар солиқ ёки жазо учун эмас, балки: янги қурилиш режаларини шакллантириш, ижтимоий инфратузилмани жойлаштириш, ер ва мулкдан фойдаланишни таҳлил қилиш, фавқулодда вазиятларда (табиий офатлар, авариялар) хавфсизлик чораларини режалаштириш учун хизмат қилади.
Шу боис, рўйхатга олишда барча саволларга тўғри ва тўлиқ жавоб бериш — аввало ўз манфаатингиз учун муҳим. Ҳар бир ҳовли, ҳар бир ер участкаси ва ҳар бир турар жой ҳақидаги аниқ маълумот келгусида тўғри режалаштириш ва адолатли тақсимотнинг асоси ҳисобланади.
Эътиборингиз учун раҳмат!